Оила ва Жамият (1)
Тўй ва сеп муаммолари ёки пул топиб ақл топмаганлар ҳақида
Ҳозирги кезларда ҳар бир ўғил-қизи бор оилани қизиқтирадиган ва ўйлантирадиган масалалардан бири тўй-ҳашамларимизга боғлиқ бўлган муаммолардир.
Тўй куни белгилангач, “Тўй қайси ресторан ёки кафеда бўлади, қайси ва нечта хонандани чақирилади, неча юз одам таклиф қилинади, неча 10 ёки 100кг гуруч ош дамланади, нечта ва қанақа қўй олинади, дастурхонга неча хил ноз-неъматлар қўйилади, тортнинг қанақасидан буюртирилади, келинга неча сидра бош оёқ сарпо тайёрланади, қуда томонга қанча сарпо кийдирилади,келинга нечта хона уй ажратилади ва у қандай ремонт қилинади, келинни кўришга қанақа кўрманалар ҳозирланади, умуман тўй ҳаражатлари жами қанча бўлади деган муаммолар йигит томон қудаларнинг бошини оғритади.
Қиз томон қудаларнинг эса, “Қизимизга берилган хоналарни қандай тўлдирамиз, мебелнинг қаерникини оламиз, нечта гилам, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва кўрпачалар тайёрлаш керак, неча хил идиш-товоқ олиш, қимматбаҳо сервизлар, биллур идишлар, қошиқ-вилкалар, чойшабу одеяллар,сочиқ, салфетка ва ҳар-хил келинлик уйни безаш учун керак бўладиган безаклар олиш керак. Неча миллионга “Элита” пардалар осамиз, қизимизга қанча кўйлагу-лозим, қанча пойафзал, пальто, жемпер, сумкалар, тилла асбоблар ва ҳоказо ва ҳоказо сепларни тйёрлашимиз керак. Куёвимизга неча сидра бош-оёқ сарпо ҳозирлаймиз, қуда-андаларга, амма-хола, амаки-тоғаларга, қуданинг қариндошу қўшниларига қандай ҳадя, сарполар тайёрлаймиз, буларнинг ҳаммаси қанчага тушади”, деган муаммолар қийнайди.
Ваҳоланки, бундай муаммолар бизнинг бобо калон ва момоларимизнинг, хаттоки, ёшлари улуғроқ ота-оналаримизнинг ҳам бошларини оғритмаган. Бу масала уларнинг замонида осонлик билан ҳал бўлган. Уйланадиган йигит бўлажак оиласи яшаши учун қаср эмас оддийгина бир уй ва уй ичига ҳаёт учун зарур бўлган, эҳтиёждан ортиқ бўлмаган рўзғор буюмлари билан жиҳозлаган ва келинчакка бир ёки икки сидра бош-оёқ сарпо: кўйлак, лозим, рўмол ва ковуш тайёрлаган. Тўй куни эса қурби етса битта қўй сўйиб, етмаса битта ош тайёрлаб махалланинг оқсоқолларига уйланаётганини эълон қилиб келинни олиб келаверган. Келин томон қурби етса куёвга битта кўйлак, чорси(қийиқ) ва дўппи ҳозирлаган, қурби етмаса келиннинг ўзи тиккан битта чорси берилган. Шу аснода тинч, осойишта, тоқатдан ташқари талаблар гирдобига ғарқ бўлмай, камтарона, қулай ҳаёт бошланган ва кўп йиллар қўша қариб, тотув, иноқ, ҳавас қилса арзигулик умр кечиришган. Буни муҳтарам ўқувчи ўз ота-боболарининг ҳаётларига назар солиш билан билсалар ҳам бўлади.
Негадир, ҳозирда қурилаётган оилалар ўзларини соғлом ақл чегарасидан ташқарига чиқиб кетадиган даражалардаги орзу-ҳаваслар уммонига отиб, аслида ҳурсандчилик ва қувонч бўлиши керак бўлган тўй маросимларимизни ечиш мушкул бўлган муаммолар тугунларига боғлаб ташлашмоқда. Бунинг сабаби деярли барчага аён. Имкониятлари кенг бадавлат оилалар тўй-ҳашамларда, сарпо-суруғ, сеп-сидирға қилишда, маросимларда дабдабабозликка эрк бериб, бу бефойда пойгада “Мен сендан камманми?” қабилида иш кўриб, ошгандан ошиб, улоқиб, ким ўздига мусобақалашишмоқда. Майли, уларда мол –давлат бисёр экан улоқишаверсинлар, бу уларнинг виждонларига ҳавола, аммо лекин ўрта ҳол ёки қўли юпқа, хаттоки баъзида жуда фақир оилалар ҳам бу маънисиз мусобақа иштирокчиларига айланиб қолишмоқда, айланганда ҳам, хор ҳолатда ўзларини фоизга қарз берувчи судхўрлар қўлига бўйнидан боғланган қўйдек топширмоқдалар. Бундай бўлишига асли аёллар, хонадон соҳибалари бўлган оналар сабаб бўлишмоқда.Нақадар аянчли ҳолат. Йўқни йўндириб, елиб югуриб, хиқилдоғигача ўзларини ҳам , эрларини ҳам, ишлайдиган ўғилларини ҳам қарзларга ботириб, қийнашмоқда. Қилаётган сеп-сидирғалари асқотса ҳам майли эди, кўпинча бундай дабдабали тўй билан қурилган оилалар, жуда тезлик билан барбод бўлмоқда.Афсус...
Шу ўринда бир оз тин олайликда, мулоҳаза қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатни ҳар қанақасига уриниб ҳам оқлаб бўлармикин?! Шундай тўй қилмоқчи бўлаётган кишиларга четдан назар солиб кўрайлик. Бу ҳолатда қиз томондан ҳам кўра йигит томоннингт ҳолати аянчлироқ. Чунки, уларнинг асли нияти хунук, учига чиққан таъмагирликнинг ўзгинасидир.Совчиликка юра бошлаганларидан қизларнинг ота-онаси мансабдорми, пулдорми, яшаётган ҳовли-жойлари данғилламами, олди-бердида тоғора-дастурхонларини зўр қила оладими деб суриштирадилар.Бу ҳам етмагандек, кейинчалик ўғлимни, қайнотаси, қайн бўйнилари қўллаб-қувватлармикин деб таъма қиладилар.Бу қандай ҳам даҳшат! Ўғли учун энг яқин киши бўлмиш она ўз ўғлига яхши ниятлар билан дуо қилиб, унинг ўзининг касби корига, ишларига ривож, топганларига барака беришини тилаш ўрнига, қиз томондан таъма қилиши, пасткашликнинг энг тубан кўриниши эмасми?!
Мана шу ҳолатда фақир, ўрта ҳол оилаларнинг оналари қизларининг “бахти”учун кураш бошлайдилар, яъни сохта, аслида йўқ “бойликларини”хаспўшлашга киришадилар. Бунинг учун итдан устихон қарз бўлса ҳам қарз олиб қизларига сеп тайёрлайдилар. Кўпинча эрлар бунга қаршилик қиладилар.Лекин улар бу қаршиликларни “шижоат” билан енгиб ўтиб ўз билганларидан қолмайдилар. Натижада азиз фарзандини бир таъмагир оилага ўз қўллари билан олиб бориб берадилар.Хом хаёллар! Улар шу тўй кезларида қилган бисёр сеп-сидирға, жиҳозлар билан қутилдик деб ўйлашади. Э воҳ! Аслида энди тутилишдику! Ана энди, қарзларини узиш ўрнига яна қарз кетидан қарзга кириб, қизларининг орқасидан қуданинг хонадонига, қудаси қиладиган ҳар хил маросимлар асносида топганини таший бошлайди.Таъма билан олинган келиндан у хонадон фақат таъма қилинган нарсани кутади. Келиннинг онаси уриниб, кўз бўямачилик билан қилган сарпо-суруғ, сепу бисот ва жиҳозлар энди қуда учун аҳамиятсиз бўлиб қолади.Чунки тўй ўтди, энди навбат каттароқ таъмаларга. Шу алфозда унча узоққа чўзилмайдиган оилавий ҳаёт бошланади. Ҳаммадан қизиғи биринчи бўлиб, ўғил томоннинг сабри тугайди. Ўғли учун кутилган пулдорлик ва амалдорлик таъмалари амалга ошмай қолдида ахир! Қиз томон бўлса қолмаган чоранинг чорасизлигигача қизининг орқасидан ташмалайди, яшаб кетар деган умидда, афсус ҳаммаси шу алфозда барбод бўлади.
Мен бу мулоҳазаларимда ҳозирги ёшлар ҳақида бир оғиз ҳам сўз тилга олмадим, чунки ота-она киму, фарзанд ким?
Мана шу шаклда қуда-анда бўлмоқчи бўлаётганлар бир фараз қилиб кўришсачи, улуғ алломаларимиз Беруний, Ал-Хоразмий, Бухорий, Термизий, Фарғоний, Марғилоний, Мотурудий, Ибн Сино ва бошқа аждодларимизнинг шу тарзда тўй қилишса нима бўларди, ё алҳазар?
Сизларга тақдим этган нарсамни ўқиб ўзим даҳшатга тушдим. Бу ёзилган нарсалар хурсандчилик бўдмиш тўй хашамлар ҳақида эмас, қўрқинчли, ечими иложсиз бир “трагедия”(фожеа) бўлиб кўриниб кетди.
Аммо бунинг ечими жуда ҳам осон. Ҳар бир инсон ўз қурбига яраша, ўз имкониятига яраша, ақл чегарасидаги орзу, ҳавасларни қилмоғи даркор.
Сиз нафсингизнинг қули эмас, нафсингиз сизнинг қулингиз бўлса олам гулистон! Фарзандларингиз ҳаққига дуолар қилиб бахт-саодат тиланг. Агар молу-дунё, орзу –ҳавас, сарф-ҳаражатлар эвазига фарзандлар бахтли бўлишса эди, дунёдаги , тарихдаги барча бой бадавлат кишиларнинг болалари бахтли бўлар эдилар. Бундай эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Эрларингизга, ўғил-қизларингизга рахмингиз келсин эй аёллар! Уларни қийнаманг, бехуда, хаддан зиёд сарф ҳаражатлар гирдобига тортманг!
Аллоҳ барчамизга инсоф берсин.
Фирдавсхон
Янгиликлар
- "Ҳилол" электрон журнали (8-сон)
- Иорданияда анъанавий ва исломий банк иши янгиликлари бўйича конференция бўлиб ўтади
- Исроил ҳукумати Европа Иттифоқи лойиҳаларни йўқ ...
- Муҳаммад Субҳий «Исломий кўмак» ташкилотига раис бўлди
- Грознийда Қуръон тиловати мусобақаси ўтказилди
- Европанинг қора юраги. Мусулмоннинг ҳошиядаги битиклари
- Россияни Ислом мамлакатига айлантириш
- Голландияда Исломни қабул қилганларнинг бешинчи конференцияси бўлиб ўтади
- АҚШда Ислом билан таништирувчи китобларга қизиқиш ортмоқда
- Франциянинг Мело шаҳрида янги масжид очилди
Янгиликлар
- Чеченистонда Қуръон ҳофизлари мадрасаси очилади
- Афғонистоннинг Мазори шариф шаҳрида Қуръон қироати мусобақаси ўтказилди
- Удмуртияда болалар ва ўсмирлар ўртасида Қуръон қироати мусобақаси ўтказилди
- Қуръон Каримнинг сурдо-таржима диски тайёр
- Босния: Европада энг катта бўлган Қўръон оятлари битилган тош плакат ўрнатилди
- Ўзбекистонда ХХII қорилар мусобақаси
- Қуръони Каримни осмону-фалакда ҳам тинглаш
- Жисмонан заиф болалар орасида Қуръон мусобақаси ўтказилди
- Чеченистонда кўзи ожизларга мўлжалланган Қуръон ўқув машғулоти ўтказилмоқда
- Қуръоннинг электрон нусхаси озарий тилида нашр этилди




